Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри

Ўзбек давлат мусиқали драма театри 1939йили 14 июлда Республика ўзбек мусиқали комедия театри номи билан ташкил қилинган. Бу театрга Карл Маркс труппаси ҳамда вилоятлардаги театрларда фаолият кўрсатаётган иқтидорли актёрлар жалб қилинган. Карл Маркс труппасининг режиссёри М. Муҳаммедов саҳналаштирган Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” мусиқали комедияси театрнинг илк спектакли ҳисобланади. Майсара ролини Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик драма театрининг артисти, Ўзбекистон халқ артистлари Марям Ёқубова ва Мария Кузнецова ижро этган. 1940 йили 11 ноябрда Санъат ишлари бошқармасига қарашли Муқимий номидаги республика ўзбек мусиқали драма ва комедия театрига айлантирилган.

1941 йили С.Абдулла, Т.Жалиловнинг “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмаси саҳналаштирилган ва шу спектакль театрнинг ташриф қоғози бўлиб, унинг йўналишини белгилаган. Муқимий театри томошабинлари афсонавий, тарихий мусиқали асарларнинг мухлиси эдилар. 1950 йилларда саҳнага қўйилган “Фарҳод ва Ширин” (Ю. Ражабийва Г. Мушель мусиқаси), “Равшан ва Зулхумор” (Т. Жалилов ва Г. Мушель мусиқаси), А. Бобожоновнинг “Азиз ва Санам” (К. Отаниёзов ва Л.Степанов мусиқаси), З.Фатҳуллин ва Ш. Саъдулланинг “Ватан ишқи” (С. Бобоев мусиқаси) каби спектаклларнинг шуҳрати шундан гувоҳлик беради.

Театрнинг тамал тошини қўйган Ўзбекистон халқ артистлари Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий, Маҳмуджон Ғофуров, Лутфихоним Саримсоқова, Эътибор Жалилова, Шаҳодат Раҳимова, Омина Фаёзова, Турсунхон Жаъфарова, Сойиб Хўжаев, Машраб Юнусов,Ҳамза Умаров, Файзулла Аҳмедов,  Фароғат Раҳматова, Фарзиддин Фаёзов, Суръат Пўлатов, Файзулла Аҳмедов, Ҳусан Шарипов ва бошқаларнинг ёди биз учун ҳамиша барҳаёт.

Театр саҳнасида илк бор яратилган мусиқали драма ва комедиялар Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, шунингдек, Озарбайжон, Татаристон, Бошқирдистон ва Москвадаги “Ромэн” театрида саҳналаштирилган.

Ўтган фурсат ичида театр ўзбек драматургияси ва мусиқасининг энг яхши намуналари Ҳамза, С.Юдаковнинг “Майсаранинг иши”, С.Абдулла, Т.Жалиловнинг “Тоҳир ва Зуҳра”, “Мавлоно Муқимий”, К. Яшин, Т.Жалиловнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Нурхон”, Хуршид, Глиэр, Ф.Содиқовнинг “Лайли ва Мажнун”, Ф.Мусажонов, Н.Халиловнинг “Олифта” ва бошқа юзлаб асарлар саҳналаштирилди.

Мустақиллик йилларида эса Т.Тўла, Ф.Олимовнинг “Нодирабегим”, Р.Бобожоннинг “Юсуф ва Зулайҳо”, Ҳамзанинг “Тошкентга саёҳат”, У.Азим, Б.Лутфуллаевнинг “Алпомишнинг қайтиши”, Х.Хурсандов, Ф.Олимовнинг “Топталган туйғу”, “Ўлдинг, азиз бўлдинг”, Н.Аббосхон, Қ.Комиловнинг “Ойонам-қайнонам”, С.Абдулла, Т.Жалиловнинг “Тоҳир ва Зуҳра”, Хуршид, Глиэр, Ф.Содиқовнинг “Лайли ва Мажнун” спектакллари саҳналаштирилди.

Театр 2005 йили Миср Қоҳирада ўтказилган XVII жаҳон театрлари фестивалида иштирок этиб, Н.Қобул, Б.Лутфуллаевнинг “Тўда” спектакли (саҳналаштирувчи режиссёр Мирза Азизов) учун олий мукофотни қўлга киритиб, 94 мамлакат театрлари ичида лауреат бўлган. Театр 2017 йил 12-16 сентябрда Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтказилган “VI – АРТ ОРДО”  халқаро театр фестивалида Қ.Норқобил асари, С.Юсупов мусиқаси асосидаги “Дилдаги доғ” спектакли билан иштирок этиб, “Энг яхши спектакль учун” юксак мукофоти ва диплом билан тақдирланди.

Hits: 123