ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ ДРАМА ТЕАТРИНИНГ БЕШ ЙИЛЛИК РЕПЕРТУАР РЕЖАСИ

05.03.2020

Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон давлат драма театри Бадиий кенгаш аъзоларининг навбатдаги кенгайтирилган тарздаги йиғилиши бўлиб ўтди. Театрнинг Бош режиссёри, театр бадиий кенгаши раиси Олимжон Салимов, театр директори Баҳром Усмонов, “Ўзбеккино” Миллий агетлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари, адабиётшунос олим Шухрат Ризаев, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳабба Тўлахўжаева, Ўзбекистон давлат рус академик драма театри адабий эмакдош мудири Владимир Островский, Ўзбекистон халқ артистлари Элёр Носиров, Азиза Бегматова, Дилбар Исмоилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мадина Тўхтаева, Доно Бобохонова ҳамда кенгашнинг таркибий аъзолари билан бир қаторда театрнинг ижодкорлари ҳам иштирок этишди. Театр бадиий кенгаш кун тартибида 2020 йилнинг I ва II чораклари учун саҳналаштирилаётган Иброҳим Содиқовнинг “Афандининг беш хотини” ва америкалик ёзувчи Тенесси Уильямснинг “Бир кунлик бахт” асарларининг декорция, либослар эскиз (хомаки нусха) лари ҳамда келгуси беш йил давомида амалга ошириладиган ижодий ишлар, жумладан; “Театр репертуарини янада бойитиш мақсадида келгуси беш йил давомида саҳналаштириладиган спектакллар режаси хусусида” таклиф ва мулоҳазалар билдириб ўтилди ва фикрларни инобатга олиб, театр ўзининг беш йиллик репертуар режасини тасдиқлади. Келгусида театрда саҳналаштириладиган спектакллар режасига ўзбек ва жаҳон драматургияси ҳамда адабиётининг дурдона асарлари киритилиши назарда тутилди. Мазкур йиғилиш мобайнида Ўзбекистон давлат драма театри саҳнасига хос ва мос бўлган мавзу ва ғоя жиҳатидан мукаммал бўлган асарлар саралаб олинди.