Хоразмшох Жалолиддин саҳнада

05.03.2020

Ўз даврининг машҳур ўғлони, ўзининг ҳайратомуз жасорати, метиндек иродаси билан дунёни лол қолдирган Жалолиддин Мангуберди ўзбек ҳалқининг миллий қаҳрамони ҳамда ифтихоридир. Жалолиддиннинг тарих олдидаги хизмати шундан иборатки, у она юрти ва жафокаш ҳалқини мўғул истилолчиларининг қонли исканжасидан ҳалос этиш йўлида ватанпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган. Мўғуллар истилосига қарши жуда кўп саркардалар ва давлат арбоблари курашишган. Уларнинг номлари ҳам ўз даврининг фидокорлари сифатида эътироф этилади.  Аммо кўхна тарих бу борада биринчи навбатда Жалолиддин Мангубердини ўз хотирасида авайлаб асрайди. У фақат босқинчиларга қарши фидоий курашчигина эмас, балки мўғулларнинг курагини ерга теккизган ягона лашкарбоши ҳамда давлат раҳнамоси сифатида мангулик мулкидан ўрин эгаллаган.

Ўзбек Миллий Академик драма театрида саҳналаштирилган “Жалолиддин Мангуберди” спектаклида томошабин ана шу кўхна тарих воқеаларига гувох бўлади. Асар муаллифи – Назар Эшонқул, саҳналаштирувчи режиссёр – Асқар Холмўминов. Султон Муҳаммад – Беҳзод Муҳаммадкаримов, Султон Жалолиддин – Лазиз Орзиев, Чингизхон – Тоҳир Саидов, Темур Малик – Толиб Мўминовлар талқинида гавдаланади.

Улуғ бобомизнинг ҳурлик ва озодлик йўлидаги тенгсиз жасорати ва фидоийлиги истиқлолнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамиятининг яққол намоёнидир. “Жалолиддин Мангуберди” спектакли барчамизни бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етишга, юрт тақдири учун доимо дахлдорлик туйғуси билан яшашга чорлайди.