Ойбек Баҳодиров: Театримиз томошабинлар билан янги учрашувларга доим тайёр

22.01.2020

Театр директорининг томошабин билан ишлаш бўйича ўринбосари Ойбек Рустамович Баҳодиров бир жойда ўтирмайди – доим ҳаракатда, ишлаб чиқаришга оид муаммоларни ҳал қилади, экскурсиялар ўтказади, учрашувлар, концертлар уюштиради, кўп сонли кенгашлар, семинарлар, йиғилишларда қатнашади. Илтимосимизга биноан Ойбек Рустамович сўнгги пайтда кўп муҳокама қилинаётган театр Кичик саҳнасидаги концертлар ҳақидаги саволимизга жавоб берди.

– Ойбек Рустамович, олис хориждан келган туристлар учун Кичик саҳнадаги концертлар ҳақида фоторепортажлар эълон қилинганда тошкентликлар театрнинг ушбу фаолият соҳасига қизиқиш билдирдилар. Ушбу дастур ҳақида батафсил сўзлаб бера оласизми?

– Аввалбошдан театримиз ана шу ташаббус билан чиққан, уни бир нечта тур-операторлар қўллаб-қувватлаган эди. Улар мижозларига театрга саёҳатни таклиф этдилар, сайёҳлар ҳам бажонудил рози бўлдилар. Театрга ташриф чоғида экскурсия ва опера труппаси солистлари иштирокида Кичик саҳнада камер концерт уюштирилади.

– Концертлардан бирининг солисти ДАКТ симфоник оркестри артисти, виолончелист Огульбанат Юсупова экан…

– Ҳа, бу концерт Огульбанатнинг шахсий ташаббусига кўра, унинг ўзи таклиф этган тингловчилар учун ўтказилган эди. Улар орасида мусиқа мактаблари, консерватория ўқувчилари ва ўқитувчилари, шунингдек, виолончель чалиш санъати ихлосмандлари бор эди. Биз артистларимизнинг барча таклифларига ҳурмат билан муносабатда бўламиз, бундай концертлар ўтказиш анъанавий тус олишига умид билдириб қоламиз. 

– Ўзбекистонликлар учун ҳам ана шундай экскурсиялар ва концертлар уюштиришнинг имкони борми?

– Барча сайёҳлар учун, уларнинг мақомидан қатъи назар, бундай саёҳатларни ўтказишга тайёрмиз. Тур-операторлар театримизнинг тур-объект сифатидаги имкониятларига етарлича баҳо бермайдилар – муаммо ана шунда.

– Ваҳоланки, театр биноси маҳаллий ва хорижий сайёҳлик сайтларида Тошкентдаги диққатга сазовор жойлар рўйхатига киритилган…

– Ҳа, бироқ аслида театримизга жуда оз сайёҳлар ташриф буюради. Айни пайтда Тошкентда фаолият юритаётган барча тур-операторлар учун тақдимот маросимини ўтказишга тайёргарлик кўраяпмиз. Театримиз – ўта ноёб объект, бу ерда болалар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун экскурсиялар ва концертлар ўтказиш мумкинлигини қайд этиб ўтишим зарур. Театрда Туризм тўғрисидаги қонунда қайд этилган устувор йўналишлардан бири – ижтимоий туризмни ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар бор.

– Ойбек Рустамович, болалар ҳақида сўз очдингиз. Ҳозирги пайтда томошабинларни кичиклигидан тарбиялаш масаласи ҳар қачонгидан долзарб тус олган. Ота-оналар фарзандлари ҳар қандай гаджетни осон ўзлаштиришини айтиб фахрланадилар, театрга оилавий борганликлари ҳақида эса кам эшитамиз. Кузги, қишки мактаб таътили кунларида экскурсиялар ва концертлар уюштиришнинг имкони борми? Таълим лойиҳаларини ташкил этиш ва ўтказиш, улар доирасида опера, балет ҳақида ҳикоя қилибгина қолмай, балки постановкачилар, турли цехларнинг ходимлари билан учрашувлар уюштириш, очиқ репетициялар ўтказиш мумкинми?

– Таълим лойиҳалари ҳақидаги саволингизга жавоб беришдан бошлайқолай. Икки йил аввал лойиҳа ишлаб чиқдик, унинг асосий мақсади талаба ёшларни театрга жалб этиш эди. Тошкентдаги барча олий таълим муассасалари талабаларининг 10%ини босқичма-босқич қамраб олиш дастури ишлаб чиқилди. Ҳар бир институт, университетга 5 кун ажратилди, бунда ҳар куни 200 нафардан талаба нафақат спектаклга келиши, балки спектакль олдидан бепул экскурсияда қатнашиши мумкин эди. Бунинг устига, кузатувчи ўқитувчилар, кам таъминланганлар учун 20% бепул таклифнома чипталарини таклиф этдик. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг турли бошқармалари, бўлимлари ва марказларига икки йил мунтазам қатнадим. Натижа бўлмади. Президентнинг бешта ташаббусидан биринчиси ёшларни маданият ва санъатга жалб этишни назарда тутади, ушбу жараённи амалиётга татбиқ этиши керак бўлган кишилар эса ҳаракат қилмаяптилар, амалий таклифларга қулоқ тутмаяптилар.

– Олий таълим бўғини раҳбарлари лойиҳангизга беписандлик билан қараган бўлсалар, у ҳолда мактаб ўқувчиларига эътибор қаратганингиз маъқулдир? 4-11 синф ўқувчилари учун кичик лойиҳалар тайёрлаш мумкин-ку? Таътил пайтида мактабдан ташқари дам олишни ташкил этишнинг бундай усулини мактаб директорлари ва ота-оналар қўмитаси аъзолари эътибордан четда қолдирмасликларига аминман.

– Ҳа, шундай қилинса яхши бўларди. Театр бир нечта хусусий мактаблар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ушбу мактабларнинг ўқувчилари экскурсия ва спектаклларимизга ташриф буюрадилар. Санъат соҳасига қизиқувчи катта синф ўқувчилари учун шанба кунлари тадбирлар ўтказишни режалаштиргандик. Буни пойтахтдаги мактаб директорлари ва ўқитувчилари кўмагида амалга ошириш мумкин, албатта. 

– Яъни театримизда «Мактаб куни» тушунчаси пайдо бўлишига умид қилса бўладими?

– Ҳа, шундай. Мактабларнинг вакиллари транспорт муаммосини ҳал қилишлари лозим бўлади. Биз таълимга оид тадбирларни бепул ўтказамиз. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини ҳар қандай усул билан театрга жалб қилишимиз керак. Бунинг учун қўлимиздан келган ҳамма чорани кўришга ҳаракат қиламиз.