«Офтоб» болалар студиясининг юбилейи

22.01.2020

2019 йилнинг сентябрь ойида «Офтоб» болалар опера-балет студияси 20 ёшга тўлди. Бироқ ДАКТ қошидаги болалар жамоаси тарихи ўтган асрнинг 70-йиллари охирига бориб тақалади, театр музейи архивига назар солсак, 1965 йилги фотосуратларни ҳам топиш мумкин.

 

Ёш артистлар болалар хорлари иштирок этадиган спектаклларда қатнашиб, Катта театр саҳнасига чиқа бошладилар. Улар Ж. Бизенинг «Кармен», П. Чайковскийнинг «Пиковая дама» ва Ж. Вердининг «Отелло» операларидир. Тошкентда «Кармен» премьераси 1944 йилда, «Пиковая дама» ва «Отелло» премьера спектакллари 1947 ва 1950 йилларда бўлиб ўтган. Ушбу постановкаларда ёш артистлар қатнашган-қатнашмаганини айтиш мушкул. Музей архивида болалар хори ва солистларнинг фотосурати бор, унинг орқасида опера номи ва санаси қайд этилган – «Борис Годунов», 1965 йил.

Мусиқа студияси педагоглари ёш хорчиларни яқин орада – князь Романов саройида жойлашган Республика пионерлар саройидан бошлаб олиб келардилар. 1978 йилда хормейстер Леонид Шилькрутнинг таклифига кўра болалар студияси театр биносига кўчди. Ўша пайтда «Офтоб» студиясига Тамара Матвеевна Игунова раҳбарлик қиларди, Владимир Васильевич Смолин рақсдан сабоқ берарди. Педагоглар зиммасига улкан ва масъулиятли вазифа: болаларни тўплаб, ўқитиш, спектаклларда қатнашиш – Катта театр саҳнасига чиқишга тайёрлаш юклатилган. Машғулотлар учун бўш синф топиш қийин эди, педагоглар етишмасди, таклиф қилинган Игунова ва Смолин ҳам штатдан ташқари дарс беришдан бош тортдилар. Бироқ, барча қийинчиликларга қарамай, педагоглар тарбияланувчилари билан жиддий шуғулланишда давом этдилар. Юқорида тилга олинганларидан ташқари, ёш артистлар Р. Леонкаваллонинг «Паяци», Ж. Вердининг «Аида», М. Равелнинг «Болакай ва сеҳр-жоду», В. А. Моцартнинг «Сеҳрли флейта» спектаклларида қатнашдилар.

Шу ўринда «Сеҳрли флейта» спектаклига алоҳида тўхталса арзийди. У болалар студияси учун ноёб постановка бўлган, ёш вокалчилар ушбу спектаклда жўр бўлиб ашула айтмай, яккахон чиқиш қилганлар.

Ажойиб педагог Тамара Матвеевна Игунова ёш артистларнинг бир нечта авлодини етиштирди. Тарбияланувчилари орасидан профессионал хонандалар, халқаро танловлар лауреатлари, мамлакатимиз ва хориждаги мусиқа ва санъат мактаблари вокал ўқитувчилари кўплаб етишиб чиқди. Чунончи, халқаро танловлар лауреати Яника Багрянская (меццо-сопрано) А. Навоий номидаги ДАКТ етакчи яккахон ижрочиси ҳисобланади, Бутунроссия ва халқаро танловлар лауреати Любовь Макуха (сопрано) Киевда ўқишни давом эттирди, айни пайтда Новгород вилоят филармонияси (Россия) яккахон ижрочиси ҳисобланади, Раъно Тўхтамуродова (сопрано) Италияда ўқиб, ишлаяпти. Галина Голубкова театр солисткаси сифатида саҳнага чиқди. Студия битирувчиси, ДАБТ стажёри Любовь Франкова айни пайтда Удмуртия Республикаси Давлат опера ва балет театри солисткаси ҳисобланади. Опа-сингил Фарида ва Сожида Абдулина, Наталья Трегубова мусиқа мактабларида фаолият юритадилар.

Тамара Матвеевна Игунова ҳам, Владимир Васильевич Смолин ҳам сўнгги кунларигача танлаган касбларига садоқат билан хизмат қилдилар.

Йил сайин репертуар кенгайиб, театрнинг ижодий салоҳияти оша боргач, болалар студиясининг фаолияти ва ўрнини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келди. 1999 йилда театрнинг етакчи солисти Талъат Баҳромов болалар жамоасига бошчилик қилди. «Офтоб» болалар опера-балет студияси мақомига эга бўлди. Болалар жўр бўлиб ва яккахон қўшиқ айтишни, мусиқа назарияси ва тарихини, сольфеджио, ритмика, анъанавий рақс ва актёрлик маҳорати асосларини ўрганадиган ўқув-ишлаб чиқариш жамоасини шакллантириш каби янги вазифалар белгиланди. Буни педагоглар – хормейстер Оксана Стремилова, концертмейстер Инесса Нам, балетмейстер Владимир Смолин, мусиқа назарияси бўйича педагог Юлиана Круковская амалга оширишга киришдилар.