Катта театрда 90-юбилей мавсумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

22.01.2020

Яқинда Алишер Навоий номидаги Давлат Академик опера ва балет Катта Театрининг Кичик саҳнасида опера труппаси йиғилиши бўлиб ўтди. ДАКТ директори Маҳмуд Муродов яқин орада амалга ошириладиган режалар ҳақида гапириб берди. 

24 сентябрда Ўзбекистон Катта театрида юбилей театр мавсумининг очилиши режалаштирилган. «Юлдузлар Катта театрни қутлайдилар» Open Air (20-21 сентябрь) мавсумга ўзига хос увертюра бўлади. Эслатиб ўтамиз, бу Open лойиҳаси доирасида ўтказилаётган учинчи концерт бўлиб, унинг асосий мақсади «мусиқа санъати гўзаллигини англовчи, жонли оҳангни тинглай ва қадрлай олувчи мусиқа аудиториясини кенгайтириш» ҳисобланади. 
Яқин ойларда опера труппаси иккита катта лойиҳани амалга ошириши лозим – улар Мирхалил Маҳмудовнинг янги таҳриридаги, У. Азимовнинг янгиланган либреттоси асосидаги Мирсодиқ Тожиевнинг «Кумуш» операси ҳамда Жюль Барбье ва Мишель Карре либреттосига Шарль Гунонинг «Фауст» операси (русча матн муаллифи – П.И. Калашников) постановкаларидир. «Кумуш» операсини Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Мариинск театрининг постановкачи режиссёри Иркин Габитов саҳналаштирмоқда. Ш. Гуно операсини саҳналаштириш Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, постановкачи режиссёр Сергей Каприеловга ишониб топширилган. 
Мирсодиқ Тожиев 1988 йилда А. Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи (И. Султон либреттоси) асосида яратган «Кумуш» операсининг постановкаси таниқли ёзувчи, драматург ва публицист, ўзбек адабиётидаги роман жанри асосчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125-йиллигига бағишланган қатор тадбирларнинг кульминацион нуқтаси бўлишини қайд этиб ўтамиз. 
Театр бадиий раҳбари Элдор Азимовнинг фикрига кўра, опера труппаси солистлари ва симфоник оркестрнинг Кичик саҳнадаги концерт фаолияти истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади. Ўтган мавсумда учта ижрочи – «Ниҳол» давлат мукофоти ва халқаро танловлар лауреати Саида Мамадалиева (сопрано), Неъмат Ҳабибов (тенор), Огульбанат Юсупованинг (виолончель) концерти муваффақиятли ўтди. Юбилей мавсумида театр ихлосмандларини театр артистлари тайёрлаган янги қизиқарли яккахон дастурлар кутади. Кичик саҳнада бир актли комик опералар – Г. Доницеттининг итальянча «Қўнғироқча» ва В.А. Моцартнинг немисча «Театр директори» концерт ижроси ҳам режалаштирилмоқда.