Сени куйлаймиз, замондош! Фестиваль манзаралари.

Мустақил Ўзбекистонимиз ҳар жабҳада янгиланиш сари одимлаб бораётган турфа ўзгаришлар ижод аҳлини мушоҳадага ундаб, адабиёт ва санъат асарларига кириб келди. Кимдир жўшиб шеър-ғазал битди, кимдир қўлига тор олиб куйлади, яна кимдир рангдор суратлар чизди, ғурур ва ифтихор туйғулари барқ урган мақола, эсселар бунёд бўлди. Бошқа бир томонда эса, аксинча мудроқ кўзларни мошдек очувчи аччиқ фельетонлар, танқидий лавҳалар, огоҳликка даъват этувчи бахс, мунозара, телешоулар майдонга чиқди. Шу зайл кундалик ҳаётимиз манзаралари рангин бўёқларда саҳна асарларига ҳам кўчиб ўтди. Хусусан, жорий йилнинг 10-15 июнь кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтган “Сени куйлаймиз, замондош!” Ўзбекистон театрларининг V Республика кўрик-фестивали айнан бугунги серқирра, тезкор ҳаётимиздан андоза олган спектаклларга бой бўлди. Уларнинг барида бугунги кун кишиларини кўрамиз ­­­– бири ўқитувчи, бири фермер, бири қурувчи яна бири оддий деҳқон. Барчаси биз билан замондош, ёнма-ён яшаб келаётган инсонлар. Ҳаётга ташналик, ёруғ келажакка ишонч ва умид, яқинлари билан озод ва обод Ватанда тинч-осуда яшаш, севиш-севилиш, эзгу амаллар қилиш – уларнинг ягона мақсади.  Биз ҳам шуни истаймиз, шундай орзулаймиз, уларнинг дарди, изтироби, қувончу ташвишларига шерик-замондошмиз. Аслида, саҳнада ўз-ўзимизни кўрамиз.  Мазкур театр фестивалининг мазмун-моҳияти, нуфузи, масъулияти ҳам шу билан изоҳланади. Кўрик-фестивалнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4749-сонли Фармони билан тасдиқланган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили давлат Дастури”да ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги мажлис Баёнида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида катта байрам сифатида ўтказилди. Айниқса, фестивалнинг қорақалпоқ диёрида ўтганлигининг файзи ўзгача бўлди. Барча иштирокчи ва меҳмонлар юксак даражадаги ташкилотчилик, меҳмондўстлик ва санъаткорларга кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром учун фестиваль ташкилотчилари ва қорақалпоқ халқига чуқур миннатдорчилик билдирдилар. Ўз навбатида мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган театр ижодкорлари Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва бошқа чекка худудларига бориб спектакллар намойиш этишди, томошабинлар билан кўплаб ижодий учрашувлар, суҳбатлар уюштирилди. Бир сўз билан айтганда, фестиваль баҳона бир ҳафта давомида Қорақалпоғистон улкан театр майдонига айланди.

Фестиваль Низомига мувофиқ “Сени куйлаймиз, замондош!” кўрик-фестивалининг мақсади – “Ватанимиз мустақиллигининг, миллий қадриятларимиз ва юртимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини тараннум этувчи, тинчлиги ва ободлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, илғор фикрли замондошларимиз образлари акс этган замонавий мавзулардаги спектаклларни яратиш, ўзаро ижодий тажриба алмашишни юзага келтириш ҳамда томошабинларимизни Ўзбекистон театр санъатининг энг сара намуналари билан яқиндан таништиришдан иборат”. Мазкур фестиваль ҳар икки йилда бир ўтказилиши белгиланган бўлиб, театр жамоаларининг унга тайёргарлик кўришлари учун етарлича вақт берилган.  Фестиваль арафасида етук театр мутахассисларидан иборат саралаш гуруҳи жойларга бориб театр жамоалари тайёрлаган спектаклларни кўрикдан ўтказдилар. Натижада, мамлакатимизда мавжуд 27 та театрдан (қўғирчоқ театрлари бундан мустасно) 11 таси фестивалда қатнашиш хуқуқини қўлга кирита олди. Бу ҳолат фестиваль доирасида ўтказилган семинар-кенгаш муҳокамаларида атрофлича таҳлил қилинди, тегишли тавсиялар берилди.

Кўрик-фестивални Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ҳамда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеши раиси ўринбосари Атажан Ҳамраевлар тантанали равишда очиб беришди, сўнг санъат усталарининг концерт дастури ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрининг “Жамила” спектакли (фестивалдан ташқари) намойиш этилди.

Фестиваль расман 11 июнь куни Ўзбекистон давлат драма театрининг “Ер барибир айланаверади” (Ш.Бошбеков асари, режиссёр О.Салимов) деб номланган спектакли билан бошланди. Бахс-мунозара шаклида қурилган ушбу асарда жамиятимиз ривожига тўсиқ бўлаётган баъзи нуқсонлар фош қилинади, халқ манфаати йўлида эзгу ишлар қилишга шайланган раҳбарнинг интилишлари, изтироби, дарди ва кураши тасвирланади.

Самарқанд вилояти мусиқали драма театри намойиш қилган “Она юраги” (М.Комилжонов асари, режиссёр Х.Бурхонов) спектакли ёд ақидаларга эргашиб, юртини, оиласини ташлаб хорижга йўл олган, беватан жангариларга қўшилиб, охир-оқибат умри хазон бўлган ёш йигитнинг аччиқ қисмати ҳақида ҳикоя қилади.

 Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри тақдим қилган “Саҳоват боғи” (муаллиф К.Каримов, режиссёр М.Усенов) драмасида том маънодаги замонамиз қаҳрамони қиёфасини яратишга бўлган интилишни сездик. Асар Ўзбекистон қаҳрамони А.Утениязовнинг ибратли ҳаёт йўли, қийинчилик ва тўсиқларни енга олиш матонати, сабри, чидами, одамийлиги ва эл-юрт равнақи ҳамда фаровонлиги йўлидаги эзгу амалларини мадҳ этишга бағишланган.

Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрининг “Хушвақт” (Тоғай Мурод асари, режиссёр О.Салимов) спектакли икки покиза қалб эгалари – Зиёдулла ва Момосулувнинг фарзанд кутиб чеккан оҳ-зорлари, орзу-умидлари, сабр-тоқати, меҳр-муҳаббати, садоқати, ор-номуси ва имон эътиқодининг юксак бадиий талқини билан ўзбек миллатининг қадр-қиммати, шаъни-шавкатини кўкларга кўтаради. Асар қаҳрамонлари қанчалик хўрланиб, заҳмат чекмасинлар, қачонлардир “Хушвақтлик” замони келишига имон келтириб, умид билан яшайдилар.

Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри ҳавола этган “Заминдан олис кетма” (Муаллиф: Қ.Норқобул, режиссёр: А.Жумаев) спектакли инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни тасвирлайди. Ўз нафсига қул кимсалар гуллаб турган боғни вайрон қилиб, дарахтларни кесиб пулламоқчи бўладилар. Бунга виждонли кишилар йўл қўймайдилар, боғ сақлаб қолинади, жиноятчилар қилмишига яраша жазоланадилар.

Андижон вилояти мусиқали драма театрининг “Муножот” (Б.Мурод-Али асари, режиссёр И.Эргашев) спектакли меҳр, муҳаббат, садоқат, вафо, имон-эътиқод туйғуларини улуғлайди. Парпивой исмли деҳқон йигит баланд тепаликка капа тикиб, хаста ётган хотинини опичлаб, ярим тунда ўша тепаликка олиб келади. Гўё, шу тепаликда хотини нажот топиб, юриб кетадигандек, яна биргаликда кетмон чопиб, боғ-роғлар барпо қиладигандек, энтикиб-энтикиб Яратганга илтижо қилади. Чуқур психологик кечинмалар замирига қурилган ушбу спектакль, лирик-романтик саҳналарга бойлиги билан ҳам эътиборни тортади. Айниқса, эр-хотин ёшликларидаги шўх-шодон лаҳзаларни эслаган лавҳаларда бу хусусият янада ёрқинроқ кўринади.

Фарғона вилояти мусиқали драма театри намойиш қилган “От минган аёл” (муаллиф: Қ.Ҳамроев, режиссёр: О.Абдуллаев) спектаклида илғор замондош аёл образи намоён бўлади. Фожиали ҳалок бўлган эрининг ишини давом эттириш ниятида ўқитувчилик касбини ташлаб, фермер бўлишга бел боғлаган Гулбаҳорнинг изтироблари, унинг ерини тортиб олмоқчи бўлган баднафс кимсалар билан кураш йўлидаги матонати, сабр-тоқати, шижоати ва меҳнатсеварлиги билан аёвсиз курашда ғолиб бўлиши асарнинг бош мавзуси ҳисобланади. Айтиш жоизки, актриса М.Раҳимова Гулбаҳор образи орқали ўз идеаллари, интилувчанлиги, имон-эътиқоди, мардлиги, жасурлиги билан ўрнак бўла оладиган замондош аёлларимиз образини ярата олган.

Ўзбекистон давлат академик рус драма театрининг “Одинокая лодка” (“Танҳо қайиқ”) ( муаллиф: Э.Аъзам, режиссёр: В.Умаров) спектаклида Орол денгизининг қуриб бориши билан боғлиқ экологик муаммолар фонида Инсон қадр-қиммати, миллий қадриятлар, имон-эътиқод, келажакка бўлган умид ва ишонч, эл-юрт, Ватан, миллат тақдири сингари маънавий масалалар тилга олинади. Бу хусусият айниқса, Ўзбекистон халқ артисти А.Рафиқов маҳорат билан ижро этган бош қаҳрамон – Орол бобо сиймосида яққол намоён бўлади.

Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри намойиш этган “Мўйноқда бахтнинг тонглари отди” (Муаллиф: Б.Айтмурат, режиссёр: У.Бектурганов) спектакли ҳам Оролнинг қуриши сабаб юзага келган сувсизлик, экологик муаммолар ҳақида боради. Спектаклда келажакка ишонч билан қараш, сувнинг қайтишига бўлган умид етакчилик қилади. Бу ҳислат Айниқса Арзигул кампир образида тўлиқ ифодасини топган. Мазкур асар муаллифи, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тугатиб,  мустақил ижодга қадам қўйган Б.Айтмуратнинг фестивалда “Энг яхши драматик асар” номинацияси бўйича ғолиб деб топилиши, ёш драматургларнинг театрларимизга дадил кириб келаётганлигидан дарак беради.

Фестивалда Хоразм вилоят мусиқали драма театри “Боғбон” (Г.Қурбонова асари, режиссёр: Қ.Яқубов) номли спектакль билан қатнашди. Мазкур асар ҳам Орол муаммоларини ёритишга бағишланган бўлиб, унинг қаҳрамонлари воҳада боғ яратиш орзуси билан ёнади, ҳаракат қилади, изланади, табиат инжикликлари ва айрим кимсалар қаршиликларини енгиб, эзгу мақсадларига эришадилар.

Сирдарё вилояти мусиқали драма театри “Инсонликка номзод” (Муаллиф: М.Каримов, режиссёр: М.Холиқов) спектаклини кўрсатди. Айтиш жоизки, театр бундан бир неча ўн йиллар аввал ёзилган эски асарни, қайта ишлаб, янгидан жон киритган. Спектаклда томошабин бугунги кун муаммоларини кўради. Ҳоким, ёш оила, она ва уларга қарши турган бир қатор тубан, нафс бандалари ўртасидаги тўқнашув замирида  муҳаббат, вафо, садоқат, диёнат сингари чин инсоний туйғулар синовдан ўтади.

Фестиваль доирасида “саҳнада замон қағрамони образи” мавзусида семинар-кенгаш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда унинг Нукус филиали профессор-ўқитувчилари, театр директорлари, режиссёрлар, сценографлар, ёзувчи-драматурглар, ОАВ вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди. Семинарда Ўзбекистон театрларининг бугунги ҳолати, ютуқ-камчиликлар, драматургия, режиссура, сценография ва актёрлик санъати соҳасидаги изланишлар таҳлил қилинди, мутахассислар томонидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Фестиваль 15 июнь куни ғолибларни тақдирлаш ва санъат усталарининг катта концерти билан муваффақиятли якунланди.

 

Омонулла РИЗАЕВ  

Санъатшунослик фанлари номзоди, доцент

Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби

Hits: 0