“ИЛИНЖ ДАРАХТИ”

Шаҳло менинг бахтимни ўйлаб

ўз бахтидан воз кечди.

Шаҳло Қурбонова рассом Бобониёз Қурбонов оиласида дунёга келди. Мурғак қизалоқ ёшлигиданоқ дадасининг иш қуролларига қизиқар, рангли буёқларнинг товланиши қизалоқни ўзига ром этарди. У  “бу ранглар бунча чиройли экан. Мазаси ҳам шириндир-а”  – деб еб кўрган пайтлари ҳам рост. Хуллас, ой, йиллар бир-бирини қувлаб ўтаверди. Бобониёз ака хонадони ҳар куни шогирдлар билан гавжум. Шаҳлонинг рассомчиликка бўлган қизиқиши мана шу йиғилишлардан пайдо бўлган десак муболаға бўлмайди. Ўртоқлари билан кўча чангитиб болалик ғуборларидан баҳраманд бўлиб юрган Шаҳло бир кун келиб ногирон бўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаганди. У ўн икки ёшида “қандли диабет” касаллигига мубтало бўлди. Ташрифсиз келган бу касаллик Шаҳлони кун сайин мадорсизлантирди. У мактабни тугатиб, Республика рассомлик коллежига, ундан сўнг Камолиддин Беҳзод номидаги рассомлик институтига ўқишга киради. Шаҳло ногирон бўлишига қарамай, ўқишни аъло даража тугатди.

Инсон бу дунёни бевақт тарк этишини билган заҳоти тушкунликка тушиб қолади. Шаҳло Қурбонова эса армонлар кўрпасига ўраниб, “… Эҳ Яратган Оллохим, наҳот ўн гулимдан бири очилмасдан бу дунёдан кетяпман, нега мени ҳеч ким олиб қололмаяпти, не қилай кетгим келмаяпти…” – деган ички ғалаён кундан-кун ич-этини кемирарди. Лекин тушкунликка тушмади, у ўзида куч топиб, ижод билан шуғулланди. Аввалига Ўзбек Миллий академик драма, сўнг Муқимий номидаги мусиқали драма  театрларида либос бўйича рассом лавозимида ишлади. “Додагинам”, “Синдбоднинг саргузашти”, “Бобур соғинчи”, “Ўйинқароқ эчкичалар”, “Супер қайнона-2”, “Билағоннинг йўли чароғон” каби спектакллардаги қаҳрамон образларига либослар эскизини яратди. Шаҳло иш столига ўтириши билан касаллигини ҳам унутиб, ўз устида тинмай изланарди. У “Илинж дарахти” номли асарида инсон табиатида учрайдиган бирор нарсага интилиш, илинж истаги тасаввурини мужассам этган. Шаҳло ҳам яшашга умид боғлаб, неча йиллардан бери қийнаб келаётган хасталик бир мўъжиза юз бериб танасини тарк этишини ич-ичидан хоҳларди. Қалбидаги ҳайқириқ гуёки портлаш юз беришга тайёрдек кўпириб турарди. “Улгуриб қолиш керак, ишлаш керак”, – деган ўй Шаҳлони бир зум ҳам тарк этмади.

Рассом аслида ўзи билмаган ҳолда алланималар чизиб битказгач, унинг нималигини фаҳмлайди. Шаҳло эса ҳар бир чизаётган асарининг тематикаси ва ғоясини хаёл  кечинмалари орқали идрок этиб, тасаввуридаги персонажларни кўнгил амри билан яратгани бежиз эмас. У бир қатор замонавий ва тарихий либослар эскизини чизди. Улар – “Аёл ҳаёти”, “Қисмати азал”, “Кузги мода”, “Сурхондарё этнографияси – кашта”, “Сурхондарё этнографияси – куй”, “Сурхондарё этнографияси – рақс”, “Тангачали либос”, “Оқ қушлар парвози”, “Уч авлод”, “Наврўз байрами” каби асарларидир.

Ҳаёт уни кун ўтган сари яшашга, ҳамма қатори оила қуришга, фарзандлар кўриш бахтига муяссар бўлишдек туйғулар армонига етаклайверди. У  “Илинж дарахти”, “Аёл қисмати” номли ишлари билан турли кўргазма ва танловларда қатнашиб фахрли ўринларни эгаллаб келди. Унинг илк кўргазмасида Бадиий академия раиси Акмал Нур қатнашиб, истеъдодли мусаввиранинг ишлари учун уни навбатдан ташқари Бадиий Академия аъзоси этиб сайлаган ҳамда махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаган эди. Бундан ташқари, Шаҳло “Шарқ аёли” деб номланган Халқаро жамоатчилик фонди аъзолигига қабул қилиниб,  Фонднинг махсус дипломи билан мукофотланади.

Шаҳло серқирра ижодкор эди. У рангтасвир, дизайнер, график-рассом бўлиши билан бирга шеъриятга ҳам кўнгил қўйганди. Унинг шеърларида ҳаётга ташналик, севги-муҳаббатга ошнолик, кучли дард, армон, ўтли изтироб алангалари сезилиб туради:

Майиб бўлди тилим, гапирмай туриб,

Ғойиб бўлди сўзим, айтилмай туриб,

Шоҳид бўлди кўзим, кўрмасдан туриб,

Оғир бўлди дилим, севмасдан туриб.

 

Шаҳло қисқа, аммо жуда мазмунли ҳаёт кечирди. У гўзал картиналарида чинакам руҳият манзараларини тасвирлади, ёш бўлса-да, муносиб шогирдлар тайёрлади ва бугун улар Шаҳлонинг йўлини давом эттириб, орзу-армонларини рўёбга чиқараётир. Сўзимни Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг Шаҳлога бағишлаб ёзган шеъри билан якунламоқчиман.

 Яшин урган дарахт, ярадор бўри,

Қояга урилиб, йиқилган бургут,

Танида бор бўлса ҳаётнинг нури,

Тангрим, сен уларни айлама унут.

Ёвузга куч бериб, золимни қўллаш,

Эҳтимол иблиснинг азалий касби.

Ночору ожизга мададни йўллаш,

Яратган Эгамга хос эрур асли.

Бутун бўлолмадим, жоним ҳам ярим,

Лекин тўлиқ сездим тириклик сасин.

Беозор дўстларим, чумолиларим,

Гурс-гурс қадам ташланг, Тангри қўлласин.

 

Муҳаррам ЯҚУБЖОНОВА

Hits: 5