ҚАЛБ САДОСИ

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат  мусиқали театрида  “Қалбим менинг” деб номланган театрлашган хотира кечаси томошабинларга ҳавола этилди. Мазкур саҳна асари театрнинг устоз санъаткорларидан бири, хушовоз хонанда ва маҳоратли актриса Ўзбекистон халқ артисти Шаҳодатхоним Раҳимова таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан саҳналаштирилган. Театр жамоаси устоз санъаткор хотирасини ёд этишда одатий тадбир кечаси шаклидан воз кечиб, тўғри йўл тутганлар. Зеро, эндиликда муайян санъаткор таваллуди муносабати билан уюштириладиган тадбирларда кеча қаҳрамони ҳаёти ва ижоди ҳақида олимлар томонидан маъруза қилиниши, турли интервьюларни жамлаган видеоматериаллар кўрсатилиши ёки бошловчилар узундан-узоқ биографик маълумотларни ўқиб бериш орқали таништиришдек анъанавий шакллар анчайин эскирди.

Мазкур мусиқали драма спектаклининг ўзига хослиги шундаки, унда инсон ҳаёти, кечмишлари, қувончу шодликлари, босиб ўтган умр йўли ҳақидаги яхлит сюжет орқали томошабин улкан образ билан танишади. Бу Шаҳодатхоним Раҳимованинг инсон ва санъаткор сифатидаги ўлмас қиёфаси, ўзига хос образидир. Сюжет воқеаларидаги драматик ва лирик ҳолатлар авжи қўшиқлар билан бойитилган бўлиб, қалбга яқин, бетакрор ижролар хонанданинг ўз овозида берилади. Санъаткор репертуаридан мустаҳкам жой олиб, ҳозирда меросийлик касб этган ашулалар эса воқеалар йўналишига ҳамоҳанг тарзда Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ҳамда театрнинг маҳоратли солистлари Зулфия Умирова, Мусаллам Дадажонова, Дилором Абдуалимова, Алишер Йўлдошев ва бошқалар томонидан ижро этилган.

Дирижёр Акмал Тўраев  миллий қўшиқларни оркестр жўрлигидаги жаранги, мусиқали драмалардан олинган ария ҳамда дуэтлар ижроси, қолаверса, лейтмотив мусиқалар орқали сайқал берилишига алоҳида эътибор қаратган. Актриса ҳаётининг қувончли, қайғули дамлари, руҳий кечинмалари драматик вазиятлардан куй-қўшиқларга, қўшиқлардан эса қалб нидоларига, инсон туйғулари ва кечмишлари ўртасидаги зиддият ҳамда тўқнашувларга ўтиб туради.  Бундай талқин Шаҳодат Раҳимовадек дилбар аёл, ўтли овоз соҳибаси, бетакрор актриса образини жонли тасвирлашга хизмат қилган, реал тарихий кечинмалар бадиийлаштирилган, бойитилган.

Воқеалар Наманганда бошланиб, жамалаксоч Шаҳодат, унинг санъат оламига кириб келишидаги муҳит, Андижон театридаги дастлабки изланишлари билан ривожланиб боради. Сюжет воқеалари давомида унинг 1939 йилда суратга олинган “Қасам” деб номланган биринчи ўзбек овозли бадиий фильмида бош ролни ижро этгани акс этиб, мазкур картинадан парчалар кўрсатилади.

Ўша йиллари ёш Шаҳодат Раҳмованинг иқтидорига берилган эътибор, устозлар кўмаги, кейинчалик Муқимий театрининг номдор санъаткорлари сафидан ўрин олиши, аёллик  ва оналик бахтига мушарраф бўлиши мусиқали драма лавҳаларида намоён бўлади.

 Ш.Раҳимованинг босиб ўтган ижод йўли мамлакатимизда мусиқали драма театри шаклланиши, ўзига хос ва мос йўлини топиши борасидаги улкан тарих билан чамбарчас боғланиб кетган. Актриса яратган образлар Муқимий театри тарихининг ёрқин саҳифаларидан жой олган. “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасидаги Зуҳра, “Ҳалима”даги Ҳалима, “Нурхон”даги Нурхон, “Муқимий”даги Обидахон, “Паранжи сирлари”даги Холисхон сингари қаҳрамонлар шулар жумласидан бўлиб, спектакль давомида  мазкур асарлардан ария ва дуэтлар ижро этилди. Айниқса, нодир ёзувларнинг берилиши устозлар ёдини ўзгача соғинч ила қўмсашдек инжа туйғуларни жунбушга келтирди. Бу борада Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуджон Ғофуров билан биргаликда “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасидан берилган дуэт, Ш.Раҳимованинг “Адолат тановари” ашулалари диққатга молик бўлди.

Маълумки, Шаҳодат Раҳимова Москва консерваториясида таҳсил кўрган биринчи опера хонандаларидан саналади. Хонанданинг опера студиясини очиш, солист-вокалист сифатида  Алишер Навоий номидаги опера ва балет академик катта театрида фаолият олиб бориши намоён этиларкан, нодир ёзувлар хазинасидан ўрин олган Ширин ариясига опера ва балет театри раққосларининг нафис ҳаракатларга қурилган балет саҳнаси берилганлиги эътиборни тортди.

Спектаклда Шаҳодат Раҳимова образи икки актриса томонидан – Cийрат ва Қалб тариқасида ижро қилинган. Актриса сийратини Зулфия Умирова, қалбини эса Маърифат Ортиқова ижро этган. Воқеалар Қалб кечинмалари билан бошқарилиб борилар экан, у ўз навбатида суҳбатдош, бошловчи, муаллиф сифатида намоён бўлади. Ички кечинмалар, туйғулар ўртасидаги тўқнашувларда Қалб ва Сийрат ўзаро фикрлашадилар, бир-бирини қўллаб-қувватлайдилар. Бу ниҳоятда тўғри топилма бўлиб, ҳар қандай инсон аввало қалбига қулоқ солиши, ўз кўнгли билан кенгашишига ишорадир. Қалб ва Сийрат фақатгина ажралиш саҳнасида юзма-юз туриб, бири-биридан рози-ризолик сўрайди. Ушбу видолашув, яъни руҳ жисмни тарк этиш саҳнаси кишини таъсирлантиради. Улар хайрлашарканлар, Қалб қуйидаги сўзларни айтади: “Шаҳодат, бу талотўп дунёда бир ҳикматни англаб етдим, ҳар қандай разолатга дош берадиган қудратли куч мавжуд экан. Унинг номи – ижод, унинг номи – меҳнат. Бу – сенинг қалбинг кашф этган ҳақиқат эди. Сен қалбингга қулоқ тутиб адашмадинг!”

Видолашувдан сўнг Қалб яна парвоз қилиб, бошқа жонларга кўчиб ўтишини, гўзалликнинг умри бардавомлигини айтиб, томоша залига кетар экан, “Тановар” ашуласи янграйди. Уни Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев, рақсини эса Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева ижро этганлар.

Спектаклда Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов талқин қилган Усмон Юсупов, солистлардан Иқбол Ошиқовнинг Тўхтасин Жалилов, Азизхон Латиповнинг Мамажон Раҳмонов, Расулхон Қодирхоновнинг Стахан Раҳимов, ЎзДСМИ талабаси Жавоҳир Одилжоновнинг Ботир Зокиров роллари диққатга молик.

Маълумки, Шаҳодат Раҳимованинг фарзанди, машҳур эстрада хонандаси Стахан Раҳимов ўтган асрнинг 50-йилларида ўзбек эстрада қўшиқчилигига асос солган санъаткорлардан биридир. Ўша даврда Ботир Зокиров, Стахан Раҳимов, Луиза Зокирова, Юнус Тўраев, Иосиф Шаломаев, Баҳром Мавлонов сингари 1950-йиллар ёшлари  ўзбек мусиқа санъатида янги йўналишни бошлаб берганлар. Мазкур жараёнлар Муқимий театрининг хор жамоаси томонидан ижро этилган “Умид”, “Газли” ва ҳиндча қўшиқлар орқали ўз аксини топган. Хормейстер Улуғбек Комилжонов қўшиқларни капелла тариқасида етказиб беришга аҳамият қилиб, томошабинда соғинч туйғуларини уйғотишга диққат қаратган.

“Қалбим менинг” деб номланган ушбу саҳна асарини режиссёр Аҳад Фармонов саҳналаштирган, сценарийни Олтиной Тожибоева ёзган, саҳна безакларини Наталья Глубокина ишлаган. Ижодкорлар мазмунан теран лавҳаларда томошабинни хаёлан бўлса-да бир зум улкан санъаткор босиб ўтган ижод ва ҳаёт йўлига назар ташлаш, унинг кечинмалари, туйғулари орқали жонли образи билан яқиндан танишишга етарлича шарт-шароит ярата билганлар. Ўйлаймизки, ўзбек театри тарихининг олис юлдузлари шуъласидан бу тариқа баҳраманд этиш, бугунги томошабинни миллий санъатимизнинг улкан дарғалари ижодини ўрганишда катта аҳамият касб этади.

Спектакль сўнгида Россия халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Стахан Раҳимовнинг чиқиши янада эътиборли бўлди. Хонанда ўз таассуротлари ва жонли овоздаги юксак маҳоратли қўшиқлари билан тингловчиларни хушнуд этди.

Шу тариқа Муқимий номидаги мусиқали театрда бўлиб ўтган Шаҳодатхоним Раҳимова таваллудининг 100 йиллик хотира кечаси ўтганлар номини ёдлаш, уларнинг порлоқ хотирасига эҳтиром  кўрсатиш борасида хайрли иш, эзгу амал бўлди.

Муҳаррам ҚИЛИЧЕВА

Hits: 3