ПОЙҚАДАМИНГ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН! “Бардош“ спектакли хусусида

Ҳозирда амалга оширилаётган манфаатли ишларни қўллаб-қувватлаш ва кори-хайрдан иборат масъулиятли тадбирларда фаол иштирок этиш бурчимиз эканлигини ёдда сақламоғимиз лозим. Театр ва кино санъати орқали замон муаммолари, бунёдкорлик ишлари, юртимизни янада яшнатишга қаратилган амаллар силсиласини халқимизга  даъваткор  руҳда етказишга кўпроқ аҳамият берилмоқда. Ана шундай қизғин жараёнда яна бир янги ибратхона – “Турон” театр-студияси фаолият бошлагани театр санъати мутахассислари, фаол шинавандалар ҳамда мухлисларни мамнун этди. Мазкур театр-студияга Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан таниқли актёр ва режиссёр Сайфиддин Мелиев асос солди. Сайфиддин Мелиев студиядаги барча ижодий жараён мураккабликлари ҳамда масъулиятини ўз зиммасига олиб, ижодий масканга бадиий раҳбар этиб тайинланди.

Шу ўринда, юртимиз театр санъати ривожига  ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига миннатдорлик билдирамиз. Зотан, “Турон” театр-студиясининг ташкил этилишига  вазирликнинг мутасадди арбоблари, хусусан, маданият ва маърифат бўлимининг ташаббускор ва жонкуяр ходимлари бош-қош бўлдилар.

Шуниси қувонарлики, “Турон” театр-студиясига “Давлат театри” мақомининг берилиши кўнгилларни хушнуд этгувчи хушхабар бўлди. Бу юксалиш театр жамоасига янада кенг имкониятлар яратяпти, ижодий фаолиятни ҳар томонлама шакллантиришга, изланишлар кўламини юқори поғоналарга олиб чиқишга тўла шарт-шароит яратиб беряпти.

Театр жамоаси қисқа давр ичида тўртта асарни саҳнага қўйиб улгурди. Улар Жамила Эргашеванинг “Кеч куз таронаси”, Чингиз Айтматовнинг “Сарвиқомат дилбарим” ҳамда грузин драматурги Нодар Думбадзе қаламига мансуб “Яшаш учун кечикма” драмаларидир. Яқин кунларда эса Павел Санаевнинг табдил услубда Сайфиддин Мелиев таржимаси ва инсценировкаси асосида “Бардош” номли спектакли премьераси бўлиб ўтди.

Мазкур асар иштирокчилари ёш ва маҳоратли актёрлардан иборат. Умуман олганда, Турон давлат театри труппаси шаҳримизнинг қатор театрларида фаолият юритган актёрлар, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олаётган битирувчи талабалар, кино санъатида ижод қилаётган таниқли санъаткорлардан иборат.

“Бардош” спектакли хусусидаги мулоҳазаларга қайтсак. Драма жанридаги бу асар анча йиллар муқаддам ёзилган.  Таржима ва инсценировка жараёнида бугунги кунимиз учун тааллуқли бўлган чинакам дарду ташвишларимиз, оғриқларимизни келтириб чиқараётган ўта чигал нуқталар илдизини очиб бера олувчи  асар эканлиги сезилади. Спектаклни актёрлар квартети ижросидаги ғам-андуҳга тўла маҳзун таронага қиёс қилиш мумкин. Айниқса, ушбу саҳна асарини тўрт кишидан иборат бир-бирига монанд, бир бирини англайдиган уюшқоқ актёрлар ансамбли ижро этади. Булар – бобо-буви, она ва бола. Инсоният ибтидоси ва интиҳосига қадар суянадиган, қувват оладиган – меҳр туйғуси унинг руҳий оламини, тафаккур дунёсини мустаҳкамлаб боради. Асар қаҳрамони – боланинг ана шу туйғуга интиқлиги биринчи кўринишданоқ маълум. Болага бобоси ва бувиси қанча парвона бўлмасин, буларнинг ҳаммаси гўё “омонат”дек туюлади. Меҳр фақат моддий таъминотда деган хонадонда бола учун эркинлик йўқ эди. Она узоқ жойларга ишлашга кетиб, фарзандидан хабар олгани қайтади. Набираси учун сарфлаган харажатлар ҳисоб-китоби билан банд бўлган буви бир пайтлар ўз қизига ҳам меҳрсиз бўлган эди. Энди ана шу қизнинг фарзанди онаси келишини интиқ бўлиб кутади, у билан хаёлан гаплашади. Она билан дийдорлашув, хайрлашув саҳналари актёр Сарвар Мирзаев томонидан маҳорат билан ижро этилган. Она образида намоён бўлган Дилшода Жўраева спектакль давомида режиссёр томонидан белгиланган вазифаларни уддалай олиши билан ажралиб туради. Актёрлик маҳоратининг асосий ифода воситаси бўлган саҳнавий нутқ масаласига деярли эътироз йўқ. Сабаби, ҳар бир персонажнинг мақсади аниқ. Спектаклга тайёргарлик жараёнида маълум бўлдики, режиссёр актёрларга ҳар бир репетицияда фаолликни, ижрочилик унсурларини бойитиб бориш ва сўзнинг таъсирчанлигини ошириш вазифаларини қўйган. Бир сўз билан айтганда, асар бугунги кунда мажбурликдан ишлашга ёки ҳой-ҳавас учун чет давлатларга кетаётган аёлларнинг фарзандлари тақдири ҳақида.

Юқоридаги омилларни актёрлар маромида ўзлаштирса, томошабинлар юрагини жунбишга келтирувчи қудратли сўз таъсир кучини йўқотмайди. Ростини айтганда, биринчи бор ушбу спектаклни тақдимот маросимидан аввал, режиссёр таклифига биноан бир ўзим томоша қилиб, қаттиқ таъсирландим. Иккинчи бор, асарнинг финалидаги монологида томошабинларнинг кўзларида ёш кўрдим, оғир хўрсиниқлар эшитдим. Асардаги камчиликлардан, айрим рус тилидан кириб келган сўзларнинг талаффузига ва шевага эътибор қаратилса, нур устига нур бўлади. Асар мазмун-моҳиятини ойдинлаштиришга кўмаклашувчи танланган мусиқалар ҳам таъсирчанлик кучини оширишга хизмат қилади. Спектакль декорацияси саҳнага кўндаланг осилган қоплар ва унга маҳкамланган занжирлардан иборат. Бу ҳар кимни ўйга толдириши табиий. Режиссёрнинг ютуғи шундаки, яхши ва енгил топилмалардан усталик билан фойдалана олган. Айниқса, овқат столининг дарс столига, ундан каравотга айланиши ҳам актёрларнинг вазиятдан маҳорат билан фойдаланиб, кўрсатилаётган ҳар бир саҳнани бир-бирига боғлаш ва белгиланган чўққи сари, энг муҳими, муаллиф ва режиссёр қўйган мақсадга интилаётганидир.

Аминманки, бу ютуқ муваффақиятлар денгизидан томчи холос. Биз ёш ва навқирон театр жамоасидан янги ва яхши ижодий ишларни интиқлик билан кутиб қоламиз.

Махсума ҲОЖИМАТОВА,

ЎзДСМИ доценти

Hits: 5